Бугун “Локомотив” – “Зенит” ўйини бўлиб ўтади

Янги мавсумга тайёргарликни БААда олиб бораётган “Локомотив” бугун иккинчи ўртоқлик учрашувини ўтказади. “Темирйўлчилар” Jabel Ali стадионида Россиянинг энг кучли клубларидан бири “Зенит”га қарши баҳс олиб боришади.

Бу ўйин кўпчиликнинг диққатини тортиши турган гап, негаки “Зенит” нафақат Россияда, балки Европада ўз ўрнига эга клублардан бири ҳисобланади. Учрашув Дубай вақти билан 16:00да (Тошкент вақти билан 17:00) бошланади.

Ҳар иккала жамоа охирги марта 2012 йилда ўзаро майдонга тушишган. Ўшанда Хорен Оганесян бошчилигидаги “Локомотив” 25 январь куни “Жабел Али” стадионида “Зенит” билан куч синашиб, 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди.

Ўша учрашувда жамоамиз шарафини П.Бугало, Р.Аъзамов, Б.Ашурматов, М.Казанцев, И.Раҳимов, Ж.Оганесян, Б. Йўлдошев, Д.Раҳматуллаев, З.Тожиев, Д.Жабборов ва С.Абдуллаевлар ҳимоя қилишган.